Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга қарши очилган жиноят иши бўйича 24 кишига айблов эълон қилинди, уларнинг 21 нафарига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олиш чораси қўлланилган. Бу ҳақда сешанба куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Бош прокуратура Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мансур Ўроловнинг қайд этишича, айни пайтда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Тергов жараёнида мансабга тайинлашда қонунбузарликларга йўл қўйиш, раҳнамолик қилиш ва пора олиш ҳолатлари аниқланди.

Бош прокуратура вакили тергов сирини ошкор қилишга йўл қўймаслик учун жиноят ишининг қўшимча тафсилотларини оча олмаслигини тушунтириб ўтди.

Февралда Бош прокуратура Рашитжон Қодировга нисбатан Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210- (пора олиш) моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эди.

Рашитжон Қодиров 2000—2015 йилларда бош прокурор этиб тайинланган, сўнгра Конституцион суд судьяси лавозимига сайланган эди (2015−2017).