Тошкент метрополитенида 1 июндан фото ва видео тасвирга олишга расман рухсат берилди. Станциялар ва метро вагонларига жойлаштирилган Метрополитендан фойдаланиш қоидаларига бу ҳақдаги ўзгартиш киритилди.

«Йўловчиларнинг ҳуқуқлари» қисмида 4.2- банд киритилиб, унда «Фото ва видео суратга олиш рухсат этилади», деб ёзилган.

Шу билан биргаликда «Метрополитенда қуйидагилар тақиқланади» қисмидаги фото ва видео суратга олишни тақиқлашни ўз ичига олган 5.11-банд ўчирилган.

Метрополитен ходимлари «Газета.uz"га станциялар бошлиқлари ходимларга янги қоидалар тўғрисида хабардор қилганини тасдиқлади. Ички ишлар ходимлари энди тасвирга олиш мумкинми, деган саволга жилмайиб: «Бемалол, бемалол», — дея жавоб қайтарди.

Февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди. Унда туристларга жамоат жойлари, бино ва иншоотларни ҳеч қандай тақиқларсиз суратга олишга рухсат берилган.