Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 март куни нафақат Тошкентдаги, балки Самарқанддаги Наврўз байрами тантаналарида ҳам иштирок этди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Самарқандда Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида вилоят салоҳияти, шаҳар ва туманлар урф-одат ва қадриятларини намойиш этувчи тақдимот ҳамда кўргазмалар ташкил этилди.

Президент жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлашди ва барчани байрам билан табриклади. У боғда яқиндагина ўрнатилган Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари пойига гуллар қўйди.
Тантаналарда Тожикистондан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам қатнашди. Шавкат Мирзиёев улар билан суҳбатда аждодларнинг маънавий мероси икки давлат халқлари учун умумий аҳамият касб этишини таъкидлади.