Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни Ўзэкспомарказда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали байрам тадбирида нутқ сўзлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

«Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз». — деди шавкат Мирзиёев ўз табригида.

«Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир, деди Президентимиз. Менинг тилагим, менинг мақсадим битта — оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир», — дея қайд этди давлат раҳбари.

Давлатимиз раҳбарининг 2 мартдаги қарорига мувофиқ бу йил янги тартиб асосида 28 нафар фаол қизларимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

7 март куни Президент аёлларимиз, опа-сингилларимизга қувонч улашган яна бир ҳужжат — «8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида"ги фармонга имзо чекди. Мамлакат ишлаб чиқариш тармоқлари, тадбиркорлик, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.