Тошкент прокуратураси Сергели туманида оилаларга янги қурилган уйлардан квартира ажратишдаги қонун бузилиши ҳолатлари бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда пайшанба куни пойтахт ИИББда бўлиб ўтган брифингда шаҳар прокуратурасининг расмий вакили Бобир Деҳқонов журналистларга маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, прокуратура турар жой ажратиш бўйича комиссия фаолиятини текширувдан ўтказиб, қатор қонунбузарликлар мавжудлигини аниқлади. Жумладан, мурожаатларни кўриб чиқиш, яшаш шароитларни текшириш тўғрисидаги ҳужжатларни қалбакилаштириш, кадастр хизматлари томонидан сохта ҳужжатларнинг тақдим этилиши, ёш оилаларга мўлжалланган квартираларни ажратишдаги қонунбузарликлар, фуқароларга иш жойи ва ойлик иш ҳақи миқдори тўғрисида сохта ҳужжатларни бериш, шунингдек тегишли фуқароларга квартиралар ажратиш тартибларининг бузилиши кабилар аниқланди.

Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-(хизмат мажбуриятларини суиистеъмол қилиш), 207-(масъулиятсизлик), 209-(хизмат сохтакорлиги) ва 144-(мурожаатлар тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши) моддалари бўйича 11 та жиноий иш қўзғатилди.

Жавобгарликка тортилган шахсларнинг аниқ сони тергов ҳаракатлари давом эттирилаётгани сабабли маълум қилинмади.