Президент Шавкат Мирзиёев корейс диаспораси вакилларига: «умумий уйимиз — жонажон Ўзбекистонимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлидаги фидокорона ва самарали меҳнатингиз учун самимий миннатдорлик билдираман», — дея табрик йўллади. Жума куни Тошкентда Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

«Ўтган асрнинг муҳтожликка йўғрилган ғоят мураккаб даври — 30-йилларида шафқатсиз сиёсий тузум тазйиқи остида ўн минглаб корейслар Узоқ Шарқдан Ўзбекистон заминига келиб қолишган. Ўзбек халқи ўзига хос олижаноблик ва бағрикенглик билан тақдир ҳукмига ташлаб қўйилган корейсларга меҳр кўрсатди, бағрига олиб, бошпана берди», - дейилади Президентнинг маросим иштирокчиларига йўллаган қутловида.

«Меҳнатсеварлиги, қатъий иродаси, аҳиллиги, интизоми, ерга меҳри билан, дунёқарашимиз ва маданиятларимиз ўхшашлиги туфайли корейслар Ўзбекистон тимсолида иккинчи Ватанини топди ва унинг муносиб фарзанди, кўп миллатли Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига айланди, ҳурмат-эътибор қозонди. Халқимиз шундай юртдошлари билан фахрланади», - дея қайд этилади қутловда.

«Биз корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш — саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини мустаҳкамлаш, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалар тараққиётига қўшаётган ҳиссасини юксак қадрлаймиз. Улар юртимиздаги чўлларни ўзлаштиришда фаол иштирок этди, қийин шароитларда қўриқ ерларга ишлов берди, ернинг тилини биладиган омилкор деҳқон сифатида кейинчалик энг илғорлар қаторидан жой олган хўжаликлар барпо этди. Корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг шонли ва фидокорона меҳнати, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама тараққий топиши ва фаровон бўлишига қаратилган бунёдкорлик фаолияти мамлакатимиз эришган ютуқлар солномасида ёрқин саҳифа бўлиб қолади», - дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

У мамлакатда катта обрў-эътибор қозонган корейс миллатига мансуб юртдошлар давлатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганини таъкидлаб ўтди. Улар орасида депутатлар, ҳукумат аъзолари, хизмат кўрсатган фан, маданият ва санъат арбоблари, юқори малакали мутахассислар бор. Булар қаторида таниқли қишлоқ хўжалиги ходимлари Ким Пен Хва ва Хван Ман Гим, Ўзбекистон Қаҳрамони, Хивадаги Меҳрибонлик уйи директори Вера Пак, мактабгача таълим вазири, сенатор Агриппина Шин, сенатор Валерий Тян, Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги элчиси Виталий Фен, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси раиси Виктор Пак, бокс бўйича жаҳон кубоги соҳиби Владимир Шин, рассом Николай Шин, академик Владимир Ким, тиббиёт фанлари доктори, профессор Александр Шек ва бошқаларни алоҳида эътироф этиш керак, дейилади табрикда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 200 мингдан зиёд корейс миллати вакиллари истиқомат қилмоқда. «Уларнинг аксарияти ўзбек тилида сўзлаша олиши, маданиятимизни яхши билишини алоҳида қайд этиш зарур. Буни биз ўзбек халқига бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром сифатида қабул қиламиз. Корейс диаспораси кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ажралмас бўлаги бўлиб, анъанавий тарзда республика миқёсида ўтказиладиган барча оммавий ва маданий тадбирларда фаол иштирок этади» - деди Президент.

Айни пайтда Тошкентда Корея Республикаси ҳукумати кўмагида Корейс маданият ва санъат уйи бунёд этилмоқда. Давлат раҳбари унинг тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстликнинг ёрқин тимсоли, ёшлар ва зиёлиларни ўзига жалб қилувчи маскан, маданиятларни ўзаро бойитиш марказига айланишига умид билдирди.

«Ўзбекистонда Корея Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, корейс диаспораси бунга катта ҳисса қўшмоқда», дея қайд этди Президент.

22−25 ноябрь кунлари Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Корея Республикасига боради. Ташриф жараёнида икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.