27 сентябрь куни Туркиядан етиб келиши билан қўлга олинган ёзувчи Нурулло Отахонов (тахаллуси — Нурулло Муҳаммад Рауфхон) якшанба куни қамоқдан озод этилди, деб хабар қилди Тошкент ИИББ «Газета.uz"га. Мазкур ахборотни ёзувчининг ўғли Файзуллохон Отахонов ҳам Facebook ижтимоий тармоғида тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, 11 май куни Нурулло Отахоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми (Конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-модда 3-қисми «г» банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича сиртдан айблов эълон қилинган эди.

ИИББда қайд этилишича, жиноий иш бўйича тергов жараёни давом этмоқда.

Ёзувчининг қўлга олиниши катта шов-шувларни келтириб чиқарди. Ёзувчининг озод этилиши тўғрисидаги интернет-мурожаатга 1000 га яқин киши имзо чекди. Бир қатор шоир ва ёзувчилар Нурулло Отахоновни озод қилиш мурожаати билан чиқди.