Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали очилиши муносабати билан тантанали нутқ сўзлади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент фестиваль иштирокчиларини қутлар экан, мусиқа санъатининг бугунги дунёдаги аҳамиятини таъкидлаб ўтди. «Дунёда қарама-қаршилик ва зиддиятлар кучайиб бораётган бугунги ўта мураккаб замонда миллати, тили ва дини турлича бўлган миллионлаб одамларни ҳеч қандай таржимонсиз дўст қиладиган, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган мусиқа санъатининг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари шу маънода, «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг бу йилги анжумани алоҳида мазмун ва аҳамиятга эга бўлиб, у фестиваль ташкил этилганига йигирма йил тўлган тарихий бир санада ўтказилаётганини таъкидлади.

«Бугунги қувончли айёмда мана шу халқаро анжуманга асос солган, унинг жаҳон миқёсида муносиб обрў-эътибор қозониши учун улкан ҳисса қўшган инсонларни, уларнинг унутилмас хизматларини чуқур миннатдорлик билан эътироф этамиз. Бу ҳақда гапирганда, аввало, атоқли сиёсат ва давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг азиз хотирасини ҳурмат-эҳтиром билан ёдга оламиз. Ислом Абдуғаниевич ўзи туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрини, унинг юраги бўлган қадимий Регистон майдонини қанчалик буюк муҳаббат билан севса, „Шарқ тароналари“ фестивалини ҳам шунчалик севар, қадрлар эдилар», — дея қайд этди у.

Шавкат Мирзиёев «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали ўзининг бетакрор руҳи ва қиёфаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, мусиқа санъати анъаналарини асраш, маданий мулоқотни ривожлантириш борасидаги эзгу мақсад-муддаолари билан қисқа муддатда юксак даражага эришганини маълум қилди.

Агар 1997 йилда, дастлабки мусиқа байрамида дунёнинг 31 та давлатидан 57 нафар санъаткор қатнашган бўлса, бу йил 58 та мамлакатдан 241 нафар моҳир хонанда ва созанда иштирок этмоқда.

Фестивалда БМТ бош котибининг ўринбосари, Жаҳон туризм ташкилоти бош котиби Талиб Рифаи, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламентлар ассамблеяси раиси Кристин Муттонен, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси — АЙСЕСКО Бош директори Абдулазиз Усмон ал-Тувайжри жаноблари каби юқори мартабали меҳмонларимиз иштирок этмоқда.

Шунингдек, Ислом тарихи, маданияти ва санъатини ўрганиш бўйича халқаро марказ — ИРСИКА бош директори Халит Эрен, Халқаро фольклор санъати ташкилотининг Осиё минтақаси бўйича Бош котиби Мун Хюн Сук, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев, Россия Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Ефимович Швидкой, АҚШ ва Канададаги бухоролик яҳудийлар конгресси президенти Борис Қандов ва бошқалар фестиваль очилиш маросимида ҳозир бўлди.