Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Мухамметкалий Абулгазиев бошчилигидаги Қирғизистон делегациясининг Андижон вилоятига ташрифи якунлари бўйича икки мамлакат чегарадош вилоятлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати аппарати матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжат Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари ҳамда Қирғизистоннинг Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятлари раҳбарлари томонидан имзоланди.

Вилоятлар раҳбарлари чегарадош ҳудудлар фуқароларининг долзарб ва зарурий масалаларини муҳокама қилиш учун доимий — ҳар ойлик учрашувларни ўтказишга келишиб олди. Ўзбекистон делегациясининг жавоб ташрифини ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.

130 кишидан иборат Қирғизистон делегацияси ўзбек томонининг таклифига биноан 1 октябрь куни Андижон вилоятида ўзбек-қирғиз ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича тадбирларда иштирок этди.

Чегарадаги «Дўстлик» назорат-ўтказиш пунктида меҳмонларни бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов раҳбарлигидаги делегация тантанали қарши олди.

Қирғизистон вакиллари Андидон вилоятининг Хўжаобод туманидаги 10-мактаб, Андижон давлат университети, Андижондаги «Дўстлик уйи», темир йўл вокзалининг янги биноси ва Асака шаҳридаги автомобиль заводига ташриф буюрди. Шунингдек, қирғиз миллатига мансуб фуқаролар билан ҳам учрашув ўтказилди.