Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошевга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Озарбайжон раҳбари сайтида хабар қилинди.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти, атоқли давлат ва ижтимоий-сиёсий арбоб Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қарши олдим.

Ислом Абдуғаниевич Каримов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти сифатида тарихга кирди. Давлат мустақиллиги ва мамлакат суверенитетининг шаклланиши, ривожланиши ва мустаҳкамланиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги эришилган муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқининг жаҳон ҳамжамиятига интеграцияси унинг номи билан боғланади", — дейилади мурожаатда.

Илҳом Алиевнинг қайд этишича, Озарбайжонда мустақиллик йилларида кўптомонлама озарбайжон-ўзбек давлатлараро муносабатларининг шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳиссасини қўшган Ислом Каримовни ҳақиқий дўст сифатида билади ва чуқур ҳурмат қилади.

«Ушбу қайғули соатларда оғир ва ўрнини қоплаб бўлмас йўқотиш муносабати билан Озарбайжон халқи ва ўз номимдан Сизга, Ислом Каримовнинг қариндошлари ва яқинлари, қардош Ўзбекистон халқига ҳамдардлик изҳор этаман. Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда доим сақланиб қолади», — дейилади ҳамдардлик мактубида.