3 август куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон делегацияси Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг «С5+1» шаклидаги учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожидин Аслов, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳамда АҚШ Давлат котиби Жон Керри иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан фикр алмашишди.

«С5+1» шакли доирасида Марказий Осиё бозорига қизиқиш билдираётган АҚШ бизнеси вакиллари ва хусусий инвесторлар иштирокида тадбирлар бўлиб ўтди.

Бундан аввалроқ АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дэниел Розенблюм Вашингтондаги учрашувни ўтган йили ноябрда Жон Керрининг минтақага ташрифи доирасида Самарқандда бўлиб ўтган музокараларнинг давоми деб атаган эди.