«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда «Камолот» ЁИҲ ҳамкорликда «PROlogue» — ёш киноижодкорлар қисқа метражли фильмларининг II республика фестивали бошланганини эълон қилди.

Иккинчи маротаба ташкиллаштирилаётган фестивалда 35 ёшгача бўлган профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар — Ўзбекистон резидентлари қисқа метражли бадиий ва бадиий шаклдаги ҳужжатли фильмлари билан иштирок этиши мумкин.

Фестивалга тақдим этилган қисқа метражли бадиий фильмнинг умумий вақти 30 дақиқадан ошмаслиги керак. Шу билан бирга, фильм сўнгги 2 йил мобайнида суратга олинган ҳамда мазкур фестивалда аввал иштирок этмаган бўлиши лозим.

Фестивалда иштирок этиш учун аризалар 1 октябрга қадар тақдим этилиши шарт. Ушбу кўрик дастурига киритилган қисқа метражли фильмлар 16−20 ноябрь кунлари намойиш қилинади.

21 ноябрда эса «Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм» учун бош соврин ҳамда «Энг яхши сценарий», «Энг яхши режиссёрлик иши», «Энг яхши операторлик иши» номинациялар бўйича ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилади. Уларга махсус совринлар ва дипломлар топширилади.

Фестиваль доирасидаги намойишларга кириш бепул.