РИА Новости, Дмитрий Злодорев — АҚШ Президенти Барак Обама чоршанба куни президентлик муддати тугаш муддатига қадар Афғонистондаги америкалик қўшинларнинг энг кам миқдорини оширилиши тўғрисида маълум қилди.

«Америкалик қўшинлар сонини (Афғонистондаги) 5500 кишига камайтириш ўрнига АҚШ улар сонини 2017 йил бошига қадар, яъни менинг маъмуриятим ваколати муддати тугагунгача 8400 киши таркибида сақлаб туради», — дея маълум қилди у Оқ уйда.

Обама маъмурияти ваколати муддати 2017 йил январида якунига етади. Ҳозирда Афғонистонда 9800 нафар америкалик ҳарбий хизматчилар мавжуд.

«Мен қатъий аминманки, мазкур қарор — АҚШ, бизнинг ҳамкорларимиз ва бутун дунё учун тўғри қадамдир», — дея қайд этди Обама.

АҚШ президентининг таъкидлашича, мазкур қарор генерал Жон Николсон (Афғонистондаги Америка контингенти ва НАТО қўшинлари қўмондони), мудофаа вазири Эштон Картер ва АҚШ ҚК штаблари бошлиқлари генерали Жозеф Данфорд тавсияси асосида қабул қилинган. У АҚШ конгресси, афғон ҳукумати ва АҚШ шериклари билан маслаҳатлашувлар ижобий якунланганини ҳам қайд этиб ўтди.

Барак Обама сўзларига кўра, айни пайтда Америка ҳарбийларининг Афғонистондаги икки аниқ вазифаси мавжуд. Улар маҳаллий хавфсизлик кучларини тайёрлаш ва террористик гуруҳларга қарши курашдан иборат.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Барак Обама қарорини илиқ қарши олди.