Абу Райхон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети (ТДТУ)да келгуси ўқув йилидан бошлаб иккита янги факультет — Муҳандислик тизимлари факультети ва Муҳандислик-физика факультети очилади. Мазкур ўзгаришлар Ўзбекистон Президентининг 2 майдаги ОТМ фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида ўз ифодасини топган.

Ҳужжатда ТДТУ республиканинг муҳандислик-техника йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш соҳасидаги базавий олий таълим муассасаси ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

ТДТУнинг Нефть ва газ факультети талабалар контингенти Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалига ўтказилади.

Университетнинг давлат раҳбари томонидан тасдиқланган янги ташкилий тузилмаси ўз ичига Машинасозлик технологиялари факультети, муҳандислик геологияси ва кончилик иши факультети ва Энергетика факультетини ҳам ўз ичига олади.

Бунга қадар ТДТУда еттита факультет фаолият юритар эди: Механика-машинасозлик, Геология ва кончилик иши, Авиация, Электроника ва автоматика, Энергетика, Нефть ва газ ҳамда Саноат тармоқларини бошқариш.

ОТМдан «Газета.uz»га хабар қилинишича, айни пайтда ТДТУда 2008 йилда Тошкент давлат авиация институти ўрнига ташкил этилган Авиация факультети талабаларини нима кутаётгани ҳақида маълумот берилганича йўқ.

Қарор билан, шунингдек, Фанлар Академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти ҳамда унинг ҳузуридаги Ихтисослаштирилган конструкторлик-технология бюроси тугатилди. Уларнинг аттестациядан ўтган илмий ва муҳандис ходимлари ТДТУнинг янги ва қайта ташкил этилган факультетлари, шунингдек, йўналишлар бўйича кафедра ва лабораторияларига ишга қабул қилиниши мумкин.

Университет саноатнинг асосий йўналишларини модернизация ва диверсификация қилиш бўйича ўрта ва узоқ муддатли стратегик дастурларни самарали амалга ошириш учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш даражасини тубдан юксалтириш, жаҳоннинг муҳандислик таълимини ривожлантириш тажрибасидан келиб чиқиб кадрлар тайёрлашни ташкил этиш ва сифатини яхшилаш, шунингдек замонавий моддий-техник базани яратиш мақсадларида қайта ташкил этилаётгани қарорда ўз ифодасини топди.