Шаҳрисабзда (Қашқадарё вилояти) яқин вақтлар ичида сайёҳлар ва тарихий қадамжоларни томоша қилишни истаганлар учун электромобиллар ҳаракати йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Новости Кашкадарьи» газетасига Шаҳрисабз туман ободонлаштириш бошқармармаси вакили Мусурмон Бегалиев маълум қилди.

2010 йилдан буён 10 йўловчига мўлжалланган бир неча электромобиль Самарқанднинг марказий қисмида Регистон мажмуаси ва Биби Хоним мадрасаси ўртасидаги йўловчилар кўчаси бўйлаб қатнамоқда (фотога қаранг).

Айни пайтда Шаҳрисабз -Амир Темур ватанида — 2014 йилда бошланган кенг кўламли реконструкция ишлари якунланмоқда. 9 апрелда нишонланадиган буюк давлат арбоби ва саркарда таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан 27 асрлик тарихга эга шаҳар ўн минглаб янги дарахт ва бошқа ўсимликлар кўчатлари билан безатилди.

«Фақатгина тарихий майдон [Шаҳрисабз марказидаги Амир Темур номли]ни кўкаламзорлаштириш учун Бельгиядан 10 минг туп лола келтирилди», — деди ободонлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Йўлдош Тошев. Марказий хиёбонга 25 турдаги манзарали бута ва турли хилдаги дарахтлар, жумладан, магнолия, жўка, лола дарахти, эман, каштан, қора қарағай, барбарис дарахти ва секвойя ўтқазилди.