17 март куни Алишер Навоий номли кино саройида таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг янги «Хазонрезги» бадиий фильми премьераси бўлиб ўтди.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Ўзбекфильм» киностудияси томонидан тасвирга олинган фильмда (трейлери) Зулфиқор Мусоқов ҳам режиссёр, ҳам сценарий муаллифи сифатида фаолият олиб борди.

Картина реал ҳаётдаги оддий одамларнинг турмуши, уларнинг ҳис-туйғулари, муҳаббат, замонавийлик, ўзгаларга ғамхўрлиқ қилиш каби мавзуларни қамраб олган. Барча учун содда ва тушунарли тилда экани ҳам эътиборни тортади.

«Ажойиб, — дея ўз таассуротини ўртоқлашади томошабинлардан бири. — Худди биз ҳақимизда олингандек».

Картинани суратга олишда ҳам машҳур актёрлар, ҳам дебютантлар иштирок этган. Бош роль ижроси эса Бахтиёр Раҳимовга ишониб топширилди.

Бир вақтнинг ўзида ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида бўлиб ўтган премьера вақтида баъзи саҳналарда томошабинлар юзида кулгу ўйнаса, айрим ўринларда кўз ёшлари пайдо бўлди. Намойишдан сўнг фильм муаллифи ва тасвирга олиш гуруҳи ушбу ажойиб картина учун қизғин олқишланди.