Тошкент шаҳрининг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2015 йилда 11,6 фоизга ўсди, хабар қилди пойтахт хокимлиги ахборот хизмати.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 16,8 фоизга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 16,9 фоизга, чакана савдо айланмаси 17 фоизга, хизматлар 16,7 фоизга, пудрат-қурилиш ишлари 9,9 фоизга ўсди.

Йил давомида 6881 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 45490 тага етди. Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 57 фоизни, саноатдаги улуши 71,2 фоизни, хизматдаги улуши 52,8 фоизни, ҳудудий экспортдаги улуши 92,7 фоизни ва аҳоли бандлигида улуши эса 57,6 фоизни ташкил этди.

Бандлик дастурига асосан 93,5 мингта янги иш ўринлари яратилди, шундан 59,5 мингтаси кичик бизнес субъектларида яратилди. Касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган 23,4 минг нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

2016 йилда Ўзбекистон пойтахтининг ички ялпи ҳудудий маҳсулот 10,5 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13 фоиз, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 12 фоиз, чакана савдо айланмаси 14 фоиз, хизматлар 16,5 фоиз, қурилиш ишлари 9,4 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шаҳарда камида 8000 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларинининг ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини 62 фоизга, саноатдаги улушини 72 фоизга, хизматлардаги улушини 58 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан 95,82 мингта янги иш ўринларини ташкил этиш белгиланган.

Тошкентнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш, кичик бизнес субъектлари сонини кўпайтириш ва бандлик масаларини ҳал этишда кичик саноат зоналари — технопаркларни ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда Юнусобод туманидаги «Ўзбекқишлоқмаш», Сергели туманидаги «Электромаш» ва «Файз», Яккасарой туманидаги Тошкент тўқимачилик комбинати корхоналари негизида ташкил этилган саноат зоналарида 380 га яқин кичик бизнес субъектларига ишлаб чиқариш майдонлари узоқ муддатга ижрага берилган.