29 октябрь куни Тошкентда тақиқланган «Ҳизб ут-таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти (ДЭТ) аъзолари фаолиятига барҳам берилди, деб хабар қилади ИИВ матбуот хизмати.

«Тошкент ва пойтахт вилояти аҳолиси ўртасида „Ҳизб ут-таҳрир“ ДЭТнинг мафкурасини тарғиб қилиш билан шуғулланган 16 нафар ашаддий аъзоси ҳибсга олинди», — дейилади хабарда.

Мавжуд маълоумотларга қараганда, ҳибсга олинганларнинг бир қисми мамлакатдан ташқарида «Ҳизб ут-таҳрир» ДЭТ мафкураси таъсирига тушиб қолган ва қайтиб келиши билан «аёллари ва балоғат ёшига етмаган фарзандлари онгига экстремистик мафкурани мажбурлаб сингдира бошлаган», — дея таъкидланади ИИВ хабарида.

Фото: ИИВ матбуот хизмати.

ИИВ матбуот хизмати ҳибсга олинганларнинг яшаб турган жойидан кўп миқдордаги экстремизмни тарқиб қилувчи китоблар мусодара қилинганини билдирди.

Айни пайтда ИИВнинг Бош тергов бошқармаси дастлабки тергов ишларини ўтказмоқда, жиноий иш қўзғатиш масаласи ҳал этилмоқда.