Бош вазир ўринбосари Адҳам Икромов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси 30 октябрь куни Душанбеда (Тожикистон) бўлиб ўтадиган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади, деб хабар қилади ЎзА.

МДҲ Ижроия кенгашининг маълумотига кўра, мажлис кун тартиби лойиҳасидан, асосан, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари жой олган. Улар сирасига Эркин савдо зонаси ҳақидаги шартноманинг амалга оширилиши, МДҲ Иқтисодий ривожланиш стратегиясининг учинчи босқичи, инновацион ҳамкорлик, товор бозорларидаги рақобат, электр алоқаси, энергетика, қимматбаҳо қоғозлар бозорига оид масалалар, шунингдек, молиявий ҳужжатларнинг йирик туркуми киради.

Ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт, ёшларнинг халқаро ҳамкорлиги, таълим, ветеранларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф қилиш ва хавфсизлик соҳасиги ҳамкорликни тартибга солувчи ҳужжатларни ҳам кўриб чиқади.