25 октябрь куни Япония бош вазири Синдзо Абэнинг расмий сафари доирасида Ўзбекистон ва Япония ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА. Форумнинг очилишида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Япония бош вазири Синдзо Абэ иштирок этди.

Ислом Каримов Япония Ўзбекистоннинг энг ишончли ҳамкорларидан эканини таъкидлади. Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини, мазкур бизнес-форум савдо-иқтисодий, сармоявий ва ижтимоий-маданий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Синдзо Абэ икки мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорликни юксак қадрлашини, ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон учун Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари билан алоқаларни кенгайтиришда Япония билан муносабатларни ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон ва Япония ўзаро ҳамкорликни янада тараққий эттиришда катта иқтисодий салоҳият ва имкониятларга эга. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида изчил ривожланмоқда. 

Ўзбекистон билан Япониянинг иқтисодий муносабатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик, сармояларни ўзаро ҳимоялаш ва рағбатлантиришга оид битимлар каби кўплаб ҳужжатларга асосланади. Ўзбекистонда Япония сармояси иштирокида тузилган 10 та қўшма корхона, ушбу мамлакатнинг 12 та компанияси ваколатхонаси фаолият кўрсатаётир.

Япония ҳукумати ишлаб чиққан Тараққиёт расмий дастури иқтисодий муносабатларда алоҳида ўрин тутади. Мазкур дастур доирасида Ўзбекистонга қиймати 140 миллиард иендан зиёд кредитлар тақдим этилди, 22 миллиард иендан ортиқ беғараз ёрдам кўрсатилди, умумий қиймати 13 миллиард иендан зиёд техник ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилди. 2014 йилда электр энергетикаси соҳасида Фарғона водийсида йирик иссиқлик электр станцияси қурилишини ўз ичига олган «Jupiter» лойиҳасини амалга оширишга қаратилган ҳукуматлараро битим имзоланди.

Форумда Япония ишбилармонларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, соҳага сармоя киритишнинг истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари, нефть-газ ва кимё соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар, «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги қулайлик ва имтиёзлар тўғрисида маълумот берилди.

«Япония Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди», — деди Япония ташқи савдо ташкилоти (JETRO) раиси Хироюки Ишигэ. — «Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ва юксак иқтисодий имкониятлар ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларимизнинг равнақ топишида муҳим омил бўлмоқда».

Бизнес-форумда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, энергетика, банк-молия, ахборот технологиялари, транспорт ва коммуникациялар, соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, озиқ-овқат, енгил саноат, фан-таълим соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишдаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Анжуманда Япониянинг йирик компанияларидан икки юздан зиёд вакил иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши нақадар катта эканидан далолатдир.

Бизнес-форум якунида энергетика, нефть-газ, кимё, геология, банк-молия, тиббиёт, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик каби кўплаб соҳалардаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Форум доирасида Япония компаниялари фаолиятига бағишланган ҳамда мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий соҳада амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар акс этган кўргазма ташкил этилди.