Футбол бўйича Ўзбекистон XXIV миллий чемпионати олий лигасининг йигирма олтинчи тур марказий учрашуви Тошкентнинг «Бунёдкор» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида бўлди, деб хабар қилади ЎзА.

Муросасиз ўтган ўйиннинг биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимни ҳужумкор руҳда бошлаган «Бунёдкор» футболчилари 49-дақиқада Акмал Шораҳмедовнинг узоқдан йўллаган аниқ зарбаси эвазига ҳисобни очди. 75-дақиқада «қалдирғочлар» қарши ҳужумдан унумли фойдаланди — 2:0. Голни Достон Ҳамдамов киритди.

Қайд этиш лозимки, жамоалар олий лигада ўн етти марта ўзаро куч синашган. Бешта ўйинда «Бунёдкор», тўрттасида «Пахтакор» ғалаба қозонган. Саккиз учрашувда дуранг натижа қайд этилган.