Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 7-8 октябрь кунлари Ўзбекистонга расмий сафар қилди.

ЎзАнинг хабар қилишича, Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ислом Каримов билан Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирадаги музокаралар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.

Давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, ушбу мамлакатда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидлади, шунингдек, терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этди.

Президентлар трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш борасида фикр юритиб, сув-энергетика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирди. Унда савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат ўртасида товар айланмаси миқдорини ошириш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш ва бизнесменлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Кейинги олти йилда товар иайланмаси 3 баробар ўсиб, 2014 йил якунларига кўра 413 миллион долларни, жорий йилнинг январь-август ойларида 245 миллион долларни ташкил этди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Қўшма баёнотни имзолади. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатларга қўл қўйилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ислом Каримов билан Гурбангули Бердимуҳамедов Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Туркманистон Президенти Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди, сўнгра Хотира майдони билан танишди. Давлат раҳбарлари яна «Бунёдкор» стадиони ва Минор масжидини ҳам бориб кўрди.