Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов 8 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-полковник Қобил Бердиев билан учрашди.

РФ Мудофаа вазирлиги сайтида хабар қилинишича, музокара вақтида ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳарбий соҳада Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигини ривожлантириш йўналишлари белгилаб олинди.

Анатолий Антонов РФ мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Қобил Бердиевга ўзига қулай вақтда Москвага ташриф буюриш тўғрисидаги таклифини етказди.