Тошкентда 20 апрель куни Ўзбекистон Нодавлат таълим муассасалари уюшмасининг анъанавий конференцияси бўлиб ўтди. 500 дан ортиқ хусусий мактаб ўқитувчилари жамланган тадбир халқаро PISA тадқиқоти доирасида миллий таълимнинг устувор йўналишларига бағишланди.

pisa, комил жалилов, нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, феруза ваҳобова

Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. Фото: Нодавлат таълим муассасалари уюшмаси.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова тадбирни очиб берар экан, таълим соҳасида хусусий секторнинг роли ортиб бораётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Нодавлат таълим муассасалари уюшмаси директори Феруза Ваҳобова мамлакат раҳбариятининг мунтазам ўсиб бораётган хусусий таълимга бўлган эътиборини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Уюшма раҳбари, анъанавий таълим тизими қолипларидан чиқиб кета олган ва «ўзининг ижодкорлиги, қарашлари, дунёқараши, қадриятлари ва миссияси билан ўз муассасасига асос солган ҳамда уларни улкан мақсадлар билан муваффақият сари етаклаётган — ҳар бири ўзининг ўзига хос йўлига эга бўлган» хусусий мактаблар раҳбарлари ва ўқитувчиларига миннатдорчилик билдирди.

pisa, комил жалилов, нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, феруза ваҳобова

Феруза Ваҳобова. Фото: Нодавлат таълим муассасалари уюшмаси.

«Ҳар бир раҳбар ўз жамоаси билан биргаликда таълим соҳасига ўзига хослик олиб кираётгани ва бир-биримиздан ўрганаётганимиз қандай ажойиб», — деди уюшма раҳбари.

Тадбир очилгач, ялпи мажлис маърузачилари чиқиш қилди, шундан сўнг конференция ўз ишини шуъба мажлисларида давом эттирди. Ўқитувчилар ва мактаб раҳбарлари ўқитишнинг самарали усуллари ва ўқув жараёнини бошқариш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

pisa, комил жалилов, нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, феруза ваҳобова

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бош мутахассиси Абдуқодир Каримбердиев ўтказилиши кутилаётган PISA тадқиқотларига тўхталиб ўтди.

2022 йилда Ўзбекистон илк бор 15 ёшли ўқувчилар билимини баҳоловчи PISA халқаро тадқиқотларида иштирок этди ва тадқиқотнинг 2025 йилда ўтказиладиган навбатдаги циклида иштирок этиш бўйича шартнома имзолади. PISA натижалари ва мунтазам равишда яхши натижаларни қайд этаётган бошқа мамлакатлар, хусусан, Финляндия тажрибаси таҳлили таълим тизимининг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш кераклигини кўрсатади. «Газета.uz» ялпи мажлисда сўзга чиққанлар нутқидан асосий тезисларни бир материалга жамлади.

pisa, комил жалилов, нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, феруза ваҳобова

Рақамли иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги технологиялари университети проректори Жузеппе Сапиенца ўз нутқида баҳолаш мақсадлари ва форматив баҳолашнинг аҳамиятига тўхталди.

pisa, комил жалилов, нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, феруза ваҳобова

— Баҳолаш барча мамлакатлар миқёсида ўтказилар экан, ушбу баҳолашда нима муҳим эканлигини ҳал қилиб олиш керак: валидлик ёки ишончлилик. Ишончлилик — бу баҳолаш ҳар сафар бир хил натижаларни бериши: масалан, синовни уч марта ўтказдик ва ҳар сафар натижалар ўзаро мос келди. Валидлик — бу ҳақиқатда баҳоламоқчи бўлган нарсамизни баҳолаш. Мисол учун, биз интеллектни баҳоламоқчимиз ва тестимиз ҳақиқатан ҳам интеллектни баҳолайди, бошқа нарсани эмас.

Синовлар синфда ўтказилганда, ўқувчилар ёки талабалар икки сабабга кўра баҳоланади: биринчиси — уларга ўрганишда ёрдам бериш ва иккинчиси — бошқаларга (ота-оналарга, иш берувчиларга) улар биз ўргатган нарсада қанчалик яхши эканини кўрсатиш. Биринчи турдаги баҳолаш бизга ўқувчи нимани тушуниши ёки тушунмаслиги, таълимда қандай ютуқларга эришганлигини аниқлаш учун керак.

Мана шу форматив баҳолаш. Форматив баҳолаш хатоларни тузатиш ва ўқув жараёнини ўқувчилар эҳтиёжларига мослаштириш имконини беради.

Баҳолашнинг иккинчи тури эса — якуний имтиҳонни ўтказиш вақтидаги сумматив баҳолаш бўлиб, ундан сўнг одатда ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз.

Биз сумматив баҳолашга жуда кўп эътибор қаратамиз, айни пайтда, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, айнан форматив баҳолаш ўқувчиларнинг академик натижаларига энг кўп таъсир кўрсатади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Наргиза Қўчқорованинг чиқиши замонавий таълимда ўқитувчи ва мактаб раҳбариятининг ўзгариб бораётган ролига бағишланди.

pisa, комил жалилов, нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, феруза ваҳобова

— PISA натижалари фонида ўқитувчининг роли ўзгариб бормоқда — тадқиқотлар бизга аввал хаёлимизга ҳам келмаган маълумотларни кўрсатди. Агар сиз синфларимиздаги одатий манзарага назар ташласангиз — ўқувчиларимиз партада қандай ўтиришади, қўлларини кўтаради — ва бундай анъана қаердан келиб чиққанлиги ҳақида ўйлаб кўрсангиз, унинг илдизлари XIX асрга, саноатлаштириш даврига бориб тақалади. У вақтларда фабрикаларда одамларнинг катта гуруҳларини бошқариш долзарб масалага айланган ва бир хил ҳаракатлар алгоритмига эҳтиёж туғилган. Агар кимдир, масалан, ҳожатхонага бориши керак бўлса, қўлини кўтаради, шунда бошқа биров келиб, ускунада унинг ўрнини эгаллайди.

Ахир бизнинг замонамизда [ўқувчидан] индивидуаллик ва «қутидан ташқари»да (out of box) фикрлаш, инновацион фикрлаш, XXI асрда ўқувчига ҳаётда муваффақият олиб келадиган ҳамма нарса кутилади. Анъанавий ёндашувда ўқитувчи ахборот манбаи ҳисобланади, ўқувчи билан ишлайди, мавзуни тушунтиради, хатоларни тўғрилайди; ҳозирги кунда эса ўқувчилар бир-бири билан қандай ишлаши муҳимроқ. Илгари асосий эътибор ўқитувчига қаратилган ва ўқитувчи диққат марказида бўлган, эндиликда эса ўқувчининг нима қилаётгани муҳим.

Ўқувчилар мактабга ўқитувчи дарс машғулотини қандай олиб боришини томоша қилиш учун келмаслиги керак, балки ўқитувчи мактабга ўқувчилар қандай ўқиётганини кузатиш ва назорат қилиш учун келиши керак. 45 дақиқалик дарс ўқувчини ўзгартириши — у ўзида бўлмаган компетенцияларни эгаллаши керак.

Фактларни эслаб қолишга асосланган таълимдан воз кечиш, XXI аср кўникмалари — жамоада ишлаш, муаммоларни ҳал қилиш, ижодий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга асосланган таълимга ўтиш зарур. PISA тадқиқотини ўтказувчи OECD (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) таҳлилларига кўра, айнан шу кўникмалар меҳнат бозорида энг кўп талаб қилинади.

Нима учун ижодий, инновацион фикрлаш қобилияти XXI асрнинг муҳим кўникмаларидан ҳисобланади? Чунки бу машина қила олмайдиган нарса. Ижодий фикрлашга фақат инсон — «ёпиқ фикрли» бўлмаган, янгиликларга очиқ бўлган инсонгина қодир. Бироқ, агар биз болага бутун ўқиш давомида нима тўғри эканлигини айтаверсак, унда айнан ўша XXI аср кўникмалари ривожланишини кутиш мумкин эмас.

Замонавий дунёда исталган нарса билим манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин: китоблар, интернет, ўқувчиларнинг ўзи. Андреас Шляйхер (PISA тадқиқоти асосчиси, «Газета.uz» у билан интервью эълон қилган эди — таҳр.) шундай дейди: ҳаётга тайёргарликни мактабда ўрганганларимизни қанчалик эслаб қолганимиз эмас, балки ўзгаришларга қанчалик тайёрлигимиз белгилаб беради.

Сифатли таълим — бу директор, ўқувчилар ва ота-оналар ўзаро алоқада бўлган, бир мақсад йўлида умумий жамоага бирлашган жамоавий меҳнатнинг маҳсулидир.

Директорларимиз дуч келганнинг: вазирлик, ҳокимлик, прокуратура олдида жавобгарликни ҳис қилади. Аслида эса директор ҳам, мактаб ўқитувчилари ҳам ўқувчи ва унинг ота-онаси олдида — ўқувчининг келажаги учун жавобгардир.

Қачонки мактабларда автономия бўлса, директорлар мустақил қарор қабул қилиш имкониятига эга бўлсагина, таълим сифати ҳақида гапириш мумкин. Ахир, мустақил қарор қабул қилиш, жамоада ишлаш кўникмалари мактаб директори ва ўқитувчиларининг ўзида бўлмаса, мактаб битирувчисидан қандай қилиб бундай кўникмаларни кутиш мумкин?

Нордик халқаро университети ўқитувчиси Йоханна Ярвеляйнен (Johanna Järveläinen) Финляндия таълимининг мамлакатнинг PISA натижалари бўйича муваффақиятига ҳисса қўшадиган айрим хусусиятлари билан ўртоқлашди.

pisa, комил жалилов, нодавлат таълим муассасалари уюшмаси, таълим, феруза ваҳобова

— Биз ўқувчиларни PISA тестларига тайёрламаймиз — PISA биз учун таълим сифати бўйича қандай ҳолатда эканимизни кўриш имкониятидир. PISA натижалари нафақат таълим соҳаси вакиллари, балки ота-оналар, жамоатчилик ва матбуот томонидан ҳам кенг муҳокама қилинади. Масалан, ўқувчиларимизнинг ўқиш ва табиий фанлар бўйича кўрсаткичлари пасайиб кетди, ваҳоланки, улар ҳали ҳам OECD ўртача кўрсаткичидан юқори. Биз нима учун бундай бўлганини ўрганиб, чора кўряпмиз.

Фарзандларимиз ва катталар яшайдиган муҳит ўзгарди — улар кўп вақтини интернетда ўтказяпти, ўқийдиган матнлари эса қисқарди. Бироқ китоб мутолаа қилиш қисқа матнларни ўқишдан фарқли кўникмаларни талаб қилади. Шунинг учун вазирлик ўқиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳани ишга туширди, чунки мутолаа таълимда муваффақиятга эришишнинг калити: айнан ўқиш кўникмалари ўқувчиларнинг бошқа фанлар бўйича натижаларига таъсир кўрсатади. 1−2-синфларда она тили ва адабиёт фанларига ажратиладиган соатлар миқдорини ошириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Финляндия таълимининг яхши натижаларга эришиш имконини берувчи хусусиятлари таълимда тенглик ва сифатли таълимдан тенг фойдаланиш имконияти ҳисобланади. Биз ўқувчиларни индивидуал шахс сифатида кўрамиз — ҳар бири ўз эҳтиёжларига эга ва таълимни уларнинг эҳтиёжларига мослаштирамиз. Биз шахсларни тайёрлаймиз.

Ўқувчиларни ахборотни танқидий таҳлил қилишга, улар ўрганаётган турли фанлар ўртасидаги боғлиқликни кўришга ва ўз-ўзини баҳолашга ўргатиш муҳим. Ўқувчиларнинг мотивацияси муҳим — улар кимдир (ўқитувчи, ота-она) шундай қилиш керак дегани учун эмас, балки мактабда оладиган кўникмаларининг ўзлари учун зарурлиги, муҳимлигини англаб етган ҳолда ўқишлари керак.

Шунингдек, ўқувчиларни қўллаб-қувватлашнинг уч босқичли тизими мавжуд бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Булар — мактабга кираётганида қўллаб-қувватлаш, ўқув жараёнида кўрсатиладиган умумий қўллаб-қувватлаш ва махсус (индивидуал) ёрдам. Тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб, вазирлик ушбу даражаларнинг ҳар бирининг мақсад ва вазифаларини янада аниқлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ўқитувчилар нисбатан кўпроқ эркинликка эга — улар таълим стандартларида белгилаб қўйилган мақсадларга қай тарзда эришишни ўзи ҳал қилади. Қарор қабул қила олиш учун профессионал маҳорат зарур — ўқитувчилар узлуксиз касбий ривожланиш зарурлигини яхши англайди ва мунтазам равишда тренингларда қатнашади. Ижодкорлик ва педагогик экспериментларга очиқлик ўқитувчилик фаолиятида муваффақият гаровидир.