Қозоғистонда собиқ ички ишлар вазири Ерлан Тургумбаев 2022 йилнинг январидаги намойишлар бўйича жиноий иш доирасида қўлга олинди, деб хабар берди мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати.

Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари 29 апрель куни қўлга олинган, дея хабар берди идора. У натижаси оғир оқибатларга олиб келадиган ҳолда ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланмоқда (Қозоғистон Жиноят кодексининг 362-моддаси 4-қисми). Ушбу модданинг энг юқори жазоси 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.

Бош прокуратура ишнинг бошқа тафсилотларини ошкор қилмади ва унда «давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар бор»лигини таъкидлади.

Март ойида Тургумбаев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига нисбатан «январь воқеалари пайтида ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминламаганлик, шунингдек, фуқароларга нисбатан қийноқлар қўллаш» билан боғлиқ ишлар бўйича тергов доирасида сўроқ қилинганди.

Тургумбаев 2019 йилда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари лавозимини эгаллаган. 2022 йилнинг февралида президент Қосим-Жомарт Тоқаев уни ишдан бўшатиб, ўзининг маслаҳатчиси этиб тайинлаганди. 2023 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Минтақавий аксилтеррор тузилмаси маслаҳатчиси бўлган.

  • 2022 йил 2 январь куни Ғарбий Қозоғистонда газ нархи ошишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди, кейинчалик бу норозилик бошқа шаҳарларга, жумладан, Олмаота ва Остонага ҳам тарқалди. Намойишчиларнинг талаблари ижтимоий-иқтисодий талаблардан сиёсийга ўзгарди. Улар, жумладан, собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимидан кетишини талаб қилишди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Кейинчалик бу воқеалар қозоқчада «қонли январь» деган маънони англатувчи «Qandy Qantar» номи билан оммалашди.
  • Мамлакатдаги норозилик намойишлари ортидан юқори мартабали хавфсизлик ходимлари, жумладан, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раҳбари ва собиқ бош вазир Карим Масимов ҳамда собиқ мудофаа вазири Мурат Бектанов истеъфога чиққан ва ҳибсга олинган. 2023 йил март ойида ҳарбий суд Бектановни январь воқеалари вақтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айблаб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилган. Ўша йилнинг апрель ойида Масимов устидан суд ниҳоясига етди — у давлатга хиёнат ва ҳокимиятни куч билан тортиб олишда айбдор деб топилди, у 18 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
  • Ўтган йилнинг сентябрида январь ойидаги намойишлар юзасидан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишга нисбатан ҳам иш очилганди. Март ойида у шартли жазони олди, суд унинг болалари борлигини ва пушаймонлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида тан олди.