18 апрель куни Душанбедаги «Қасри Миллат» давлат қароргоҳида Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари тор доирада учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Унда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

«Етакчилар Марказий Осиёнинг манфаатларини илгари суриш ва унинг барқарор тараққиётини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида минтақавий тузилмалар ва халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга интилишларини тасдиқлади», дейилади хабарда.

Улар, шунингдек, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаши куилмоқда, матбуот хизматига кўра, бу ҳужжат Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида сифат жиҳатидан янги босқичга ўтиш эканидир.

«Бугун имзоланаётган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги тарихий шартномани амалга ошириш учун барча даражаларда — парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий идоралар, вазирлик ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқотлар самарадорлигини ошириш лозим», — деди Мирзиёев.
товар айирбошлаш, тожикистон

Охирги йилларда товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ўсди. Қўшма корхоналар сони 15 баробар кўпайди.

Ҳукуматлар олдига товар айирбошлашни 2 миллиард долларга (2023 йилда 757 млн доллар) етказиш, шу жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш, чегараолди савдо зоналарини тезкор ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Президентлар чуқур саноат кооперациясини рағбатлантириш учун энергетика, электротехника, металлургия, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда муҳим лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича қатъий келишувларга эришилганини олқишлади.

Сувдан фойдаланиш масалаларида конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

товар айирбошлаш, тожикистон

Ташриф арафасида бизнес форуми муваффақиятли ўтказилгани, унинг якунида янги кооперация лойиҳалари ва савдо шартномаларининг катта портфели шакллантирилгани келтириб ўтилди. Машинасозлик, электротехника, энергетика, кончилик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларидаги ўзаро манфаатли лойиҳалар шулар жумласидан.

Томонлар кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режаларни ҳам белгилаб олди. Шу мақсадда қўшма Инвестиция компаниясининг салоҳиятидан фойдаланилади.

Маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Кинотомошалар, концертлар, спектакллар, кўргазмалар ва ёшлар форумлари мунтазам ўтказилиши таъкидланди. Таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳамёнбоп туризм дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Президентлар бу борада ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ҳамда ҳаво ва темир йўллари орқали ташишларни ривожлантириш, транзит юк ташишлар ҳажмини ошириш учун қулай шароитлар яратишни қўллаб-қувватлади.

Томонлар маданий-гуманитар алмашинувни янада фаол қўллаб-қувватлашга аҳдлашиб олди.

Замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашишда яқин алоқаларни давом эттириш, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлик билдирилди, дейилади хабарда.

Йиғилиш давомида бош вазирлар ўринбосарлари, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги вазирларининг кун тартиби юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Давлат раҳбари президент Эмомали Раҳмонни ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Душанбе шаҳрида 12 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш учун биргаликда барча чораларни кўриш лозимлиги қайд этилганди.