Ўзбекистонда кўмир нархини давлат тартибга солишидан воз кечилиши мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 16 апрелдаги электр энергияси ва газ тарифларини ошириш тўғрисидаги қароридан келиб чиқади.

Ҳозирда аҳолига, бюджет ташкилотларига ва иссиқлик электр станцияларига тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиладиган кўмир ижтимоий аҳамиятга эга товарлар қаторига киритилиб, унинг нархи давлат томонидан тартибга солинади.

Кўмирнинг улгуржи ва чакана нархлари йилига камида бир марта (1 июнгача) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тарифлар бўйича идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

Чакана нарх деганда кўмир маҳсулотларининг Тарифлар бўйича идоралараро комиссия томонидан тасдиқланган нархи тушунилади. У «Кўмир таъминот» компаниясига тегишли кўмир омборлари орқали аҳолига сотилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Энергетика вазирлигига бошқа идоралар билан биргаликда бир ой муддатда кўмирнинг улгуржи ва чакана нархини «бозор тамойиллари асосида» шакллантириш бўйича таклифлар киритиш топшириғи берилди.

2023 йилда мамлакатда кўмир қазиб олиш ҳажми 2022 йилга нисбатан 15,5 фоизга ошиб, 6,19 млн тоннага етди. Шу билан бирга, кўмир, кокс ва брикет импорти ҳам ошди — 204,4 млн долларгача (+67,8 фоиз).

Қозоғистондан кўмир етказиб бериш 1,4 млн тоннага ошиб, 3,1 млн тоннага (+82,3 фоиз) етди. Қирғизистондан кўмир импорти ўтган йилнинг 10 ойи давомида икки баравар кўпайиб, қарийб 900 минг тоннани ташкил этди.