Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини (U-23) Қатарда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги финалига чиққани ва 2024 йилда Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритгани билан табриклади. Бир кун аввал Ўзбекистон Индонезияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. 3 май куни бўлиб ўтадиган финалда Ўзбекистон терма жамоаси бошқа ярим финал жуфтлиги бўлган Япония — Ироқ ғолиби билан ўйнайди.

«Жонажон Ўзбекистонимизнинг футбол тарихида биринчи марта эришилган бундай ёрқин ғалабани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиздаги барча спорт мухлислари, кўпмиллатли бутун халқимиз чексиз қувонч ва ғурур билан кутиб олди. Зеро, бу эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси эди. Бу орзуни амалга ошириш айнан сизларга — янги Ўзбекистоннинг навқирон фарзандларига насиб этгани билан ҳар қанча фахрлансангиз, арзийди», — деди давлат раҳбари.

«Бу тарихий ғалаба замирида кейинги йилларда мамлакатимизда спорт соҳасини, жумладан, футболни ривожлантиришга берилаётган улкан эътибор ва амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ишлар мужассам», — деб таъкидлади у.

«Сиздек азму шижоатли ёшларимизнинг тажрибали мураббий ва мутахассислар раҳбарлигида мазкур мусобақага пухта тайёргарлик кўриб, ҳар бир ўйинда чинакам маҳорат, жасорат ва матонат намунасини кўрсатганингиз, албатта, юксак таҳсинга муносибдир», — деди президент.

«Осиё қитъасидаги энг кучли жамоалар билан қизғин курашлар остида бўлиб ўтган 5 та ўйинда ҳам жамоамиз дарвозасини дахлсиз сақлаб, рақиблар дарвозасига 14 та жавобсиз тўп киритганингиз ҳам футболимиз тарихида мисли кўрилмаган натижадир», — деди у.

Шавкат Мирзиёев жамоа ушбу ғалабадан руҳланганига ишонч билдирди. «Финал беллашувида „Осиё чемпиони“ деган шарафли ном учун муносиб кураш олиб борасиз», — дея таъкидлади у.