Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган, ушбу мамлакат ҳудудида бўлиб турган ёки мамлакатдан чиқиб кетаётган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди.

Қайд этилишича, Москва вилоятида юз берган теракт сабабли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Шу муносабат билан ўзбекистонликлардан ушбу хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланиш зарурлиги билдирилди.

Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, одам гавжум жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик сўралди.

Шунингдек, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото-, аудио- ва видеоматериалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинди.

Фуқаролар бирор муаммога дуч келганда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан консуллик идоралари ёки агентлик ваколатхонасига мурожаат қилишлари мумкин, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечқурун Москвадаги «Крокус сити ҳолл» биносига концерт бошланишидан олдин қуролланган одамлар бостириб кириб, ўт очган. Бинода бир нечта портлашлар ва ёнғин содир бўлган. Ҳодиса оқибатда 139 киши ҳалок бўлгани, 182 киши жароҳатлангани таъкидланмоқда.

Иш бўйича дастлабки тўрт нафар айбланувчи — Тожикистон фуқаролари 25 мартга ўтар кечаси суд қарори билан ҳибсга олинган, уларга террорчилик моддаси бўйича айблов эълон қилинган. Улар икки ой муддатга ҳибсда сақланади.

«Жиддий ва хавотирли нарсани сезганимиз йўқ»

«Газета.uz» ушбу воқеалар юзасидан Миграция агентлиги билан боғланди. Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг аниқлик киритишича, Россияда ҳозирги кунда 1 миллиондан ортиқроқ ўзбекистонлик мигрант бор (дунё бўйлаб 2 млн дан ортиқ).

«Патент бермаяпти, чиқариб юборяпти, деган гапларнинг кўпи ҳақиқатга тўғри келмайди, айниқса, Ўзбекистон фуқароларига нисбатан. Патент бермаяпти, деб айтилган видеолар чиқди, Россиядаги Миграция маркази ходимлари билан гаплашдик, бундай миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдиришди», — дейди агентлик вакили.

Таъкидланишича, хавфсизлик чоралари, текширувлар кучайган бўлиши, иш ёки ётоқ жойларда рейдлар бўлган бўлиши мумкин, лекин бундай текширишлар олдин ҳам бўлган.

«Теракт Россия учун катта миқёсдаги ҳолат бўлди. Эндиликда миграция соҳасида қандай ўзгариш бўлади, қачон бўлади, қайси давлат фуқароларига нисбатан бўлади — буларни прогноз қилиш қийин. Қандайдир таъсири бўлиши мумкин бизга ҳам, лекин жиддий ва хавотирли нарсани сезганимиз йўқ», — дея қўшимча қилди у.