Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «уч томонлама газ иттифоқи» тўғрисидаги таклифи газни сиёсий шартлар асосида етказишни назарда тутмайди, гап тижорат манфаатларини мувофиқлаштириш ҳақида кетмоқда. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Ҳеч ким сиёсий шартлар эвазига газ етказиш ҳақида гапирмади. Ушбу иттифоқни яратиш ғояси контекстида бу гап йўқ. Гап, шубҳасиз, давлатларнинг тижорат манфаатлари йўлидаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳақида кетмоқда», — деди у.

«Албатта, ҳар бир томон ўз энергия ресурсларини фақат тижорат шартларига эътибор қаратган ҳолда ўз контрагентларига сотади ва сотишда давом этади. Бироқ, президент Путин тушунтирганидек, мамлакатлар газ етказиш йўналишларида газ трубаларини ётқизиш, газ инфратузилмасини ривожлантиришнинг келажакдаги йўналишини белгилаш, табиий газга бўлган ички эҳтиёжларини қондириш бўйича ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришдан манфаатдор», — деди Песков.

«Мамлакатлар буларнинг барчасини мувофиқлаштиришдан, ҳам рентабелликни, ҳам бир-бирлари учун фойдани оширишдан манфаатдор. Ҳеч ким сиёсий талаблар эвазига газ етказиш ҳақида гапирмади. Гап умуман бу ҳақда эмас», — дея такрорлади у.

Ноябрь ойи охирида Россия президенти Владимир Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «уч томонлама газ иттифоқи»ни тузишни таклиф қилгани маълум бўлди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев бу таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини ва Путин бу борада Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилмоқчи эканини билдирди.

Кейинроқ Путин ва Мирзиёев телефон орқали мулоқот қилди, бироқ газ иттифоқи билан боғлиқ тафсилотлар маълум қилинмади.

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилишича, мамлакат қўшнилардан газни «қандайдир альянс ёки иттифоқ» орқали эмас, балки тижорат шартномаси доирасида импорт қилиш бўйича музокаралар ўтказмоқда.