30 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

«Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани ҳамда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги сермаҳсул ишлар кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиздан зиёдга ошди. Ўтган ойда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилди», — дейилади хабарда.

1−2 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг учрашуви бўлиб ўтади, унда иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги жорий ва истиқболли кооперация лойиҳалари кўриб чиқилади. Шунингдек, мамлакатлар етакчи саноат корхоналари ва компаниялари вакиллари иштирокида қатор ишбилармонлик тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

«Ҳудудлараро ҳамкорлик кенгаймоқда. Гуманитар алмашинув соҳасида учинчи Ўзбекистон — Россия таълим форумининг самарали натижалари қайд этилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, кўп томонлама форматдаги, шу жумладан Марказий Осиё минтақасидаги амалий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Етакчилар бўлажак тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.

«Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни РФ Федерал Мажлиси Давлат Думаси Раиси Вячеслав Володин бошчилигидаги Россия парламент делегациясини қабул қилганди.