26 август куни Наманганда Либослар дизайни ва моделлаш марказининг очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. У «Ташаббус-2011» танловида ғолибликни қўлга киритган Istiqlol Dizayn Markazi классик услубдаги либослар ишлаб чиқариш бўйича етакчи фабрикаси негизида ташкил этилди.

Марказдаги замонавий асбоб-ускуналар автоматлашган лойиҳалаштириш замонавий тизими (Computer Aided Design), 3D-моделлаштириш, рақамлаштириш, эскизларни реал ҳажмларда босиб чиқариш орқали моделларни тузиш каби бир қанча қулайликларни тақдим этади.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг раиси Алишер Шайхов ва БМТТД доимий вакили Стефан Приснер мазкур марказнинг ишга туширилиши тайёр тўқимачилик маҳсулотлари сифат ва рақобатбардошлигининг ошиши, саноат ишлаб чиқариши ҳажмларининг ўсиши, маҳсулот экспорти учун бозорларнинг кенгайиши ва албатта, миллий бренд яратилишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.

Марказ Савдо-саноат палатаси (ССП) ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасидаги қўшма лойиҳа: «Ўзбекистон бизнес-форуми (III босқич)» томонидан Sasol компаниясининг молиявий кўмаги асосида энг замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозланди.

«Наманганда тўқимачилик саноатини ривожлантиришга қаратилган инфратузилма мавжудлигидан келиб чиқиб, марказ миллий брендни шакллантириш ҳамда нафақат МДҲ, балки Европа ва Америка давлатларида ҳам талабга эга бўлган маҳсулотни яратиш учун зарур занжирнинг яна бир муҳим ҳалқасига айланади», — хабар қилди лойиҳа матбуот хизмати.

Марказда малака ошириш ва тажриба алмашишни ташкил этиш мақсадида мастер-класс ўтказиши учун хорижий мутахассисларни таклиф этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, бу ерда касб-ҳунар коллежлари ва университетларнинг яхши академик натижаларга эришган ўқувчи-талабалари ишлаб чиқариш амалиётини ўтказиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, бир йилда Намангандаги коллежларда таҳсил олаётган 50 нафарга яқин ўқувчи дизайн ва моделлаштириш кўникмаларини ўзлаштириши, уларнинг 10 нафари эса Istiqlol Dizayn Markazi фабрикасида ишлаб қолиши мумкин.