2 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги бош котиби Микеле Валенсизени қабул қилди, деб хабар қилади ТИВ матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Италия муносабатларини ривожлантириш, халқаро ташкилотлар, аввало БМТ ва унинг тузилмалари доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон томони БМТ Хафвсизлик кенгашининг 2017-2018 йиллардаги нодоимий аъзолиги учун бўладиган сайловда Италия номзодини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 5-6-ноябр кунлари бўлажак Тошкент Халқаро инвестиция форумида машинасозлик, энергетика ва бошқа ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган етакчи Италия компаниялари вакилларининг иштирок этиши икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган алоқаларни фаоллаштиришга бўлган ўзаро қизиқиш ортганини билдириши қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Италия ўқув муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда ижобий тажриба тўплангани эътироф этилди ҳамда баъзи халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Италия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Тадбир давомида икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.