Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль 13−15 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади.

Президент матбуот хизматига кўра, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Асосий мавзулар — савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш. Томонлар таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурларни ҳам муҳокама қилиши режалаштирилган.

Шунингдек, президентлар «Марказий Осиё — Корея Республикаси» форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашади. Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари қўшма бизнес форумида ҳам иштирок этади. Юн Сок Ёль мамлакатнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.