541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев маълум қилди.

Ўзбекистон президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-46-сонли фармони ижроси таъминлаш мақсадида 2024 йилнинг „баҳор мавсуми“ да 125 млн туп дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш, „яшил боғ“, Яшил белбоғ» ташкил этиш борасида 2024 йил 7 мартда 144-F-сонли Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинган.

Фармойишга мувофиқ баҳор мавсумида 139 млн туп дарахт экилиши таъминлангани тўғрисида электрон платформага киритилган.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ва дарахтларни кесишга эълон қилинган мораторий ижроси ўрганиб борилди.

Аниқланган ҳолатлар:

  • 541 та ҳолатда амалда экилмаган 1 миллиондан зиёд кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилган;
  • 441 та ҳолатда 580 минг туп кўчатлар суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган;
  • 35 та ҳолатда етказиб берилган кўчатлар ўз вақтида экилмаганлиги сабабли 19 мингдан ортиқ кўчатлар нобуд қилинган;
  • 7232 та ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланиб, ҳар бир нобуд қилинган дарахт учун 100 туп кўчатни коменсация тарзида экиш мажбурияти юкланди.

Ядро физикаси институти боғи (255 гектар), «Дархон» илмий тажриба хўжалиги (29,6 гектар), «Боботоғ» ва «Зарафшон» давлат ўрмон хўжаликлари ҳудудлари тўлиқ назоратга олиниб, жами 50 минг туп кўчат экилиши таъминланган.