Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йили учун биринчи синфга қабул 20 июндан бошланади, дея хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Регламентга мувофиқ, қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 20 июндан 31 июлгача микро-ҳудуд доирасида, иккинчи босқич эса 1 августдан 15 августгача микро-ҳудуддан ташқарида бўлади.

Қабул жараёнлари айрим туман-шаҳарларда (қуйида жадвалда) электрон шаклда давлат хизматлари орқали амалга оширилади. Бунда ота-оналар 20 июндан бошлаб my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топширишлари мумкин.

Давлат хизматлари кўрсатилмайдиган ҳудудларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизими — adm.maktab.uz сайтига киритилади.

Вазирликнинг эслатишича, «Таълим тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2017 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади.

Электрон қабул жараёнлари юзасидан вазирлик call-марказининг 71−203−07−04 рақами ёки Telegram’даги @mymaktab_uz расмий канали орқали қўшимча маълумот олиш мумкин.