Шавкат Мирзиёев раислигида 10 июнь куни энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Йиғилишда давлат раҳбари янги ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда энергия тежамкорлик бўйича қатъий талаб киритиш вазифасини қўйди. У иссиқ ойларда маъмурий ва тижорат объектларини совутишга қишдаги билан бир хил энергия сарфланаётгани кўрсатиб ўтди.

Шу муносабат билан маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, корхона, савдо ва сервис биноларида энергия самарадорлиги бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш топширилди.

Президент тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг бу йил электр ва газни тежаш режаси қониқарсиз эканини таъкидлади. Ҳар бир ҳокимга 1 тадан туманни танлаб, электр ва газ тежаш бўйича намуна қилиш топширилди. Ушбу туманларда бу йил 750 миллион киловатт электр ва 550 миллион куб метр газ иқтисод қилиниши керак.

«Тежаш йўқотишларни камайтириш, тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳисобига бўлиши шарт», — деди давлат раҳбари.

Йиғилишда бундан буён илғор тажриба асосида соҳа ва тармоқларда энергия самарадорликни баҳолаш бўйича янгича тизим амал қилиши белгиланди. Бунда:

  • йилига камида 4 миллион киловатт электр ёки 375 минг куб метр газ сарфлайдиган йирик истеъмолчилар ҳар уч йилда энергия аудитидан ўтади;
  • энергоинспекция ҳар йили йирик истеъмолчилар рўйхатини эълон қилиб боради;
  • аудитдан ўтмаган корхоналарга газ ва электр оширилган тарифда етказилади.

Президент мутасаддиларга йил якунигача янги тизим билан боғлиқ техник регламент ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишни топширди.