Хоразм вилояти Хива шаҳрида 11 ёшли болани девор босиб қолди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 29 май куни соат 17:00 атрофида шаҳарнинг Гулшан-2 маҳалласида содир бўлган. 2023 йилда туғилган Ш. К. фуқаро М.М.га тегишли бўлган, қурилиши тугалланмаган бино тагида ўйнаб юрган вақти бинонинг бир томон девори устига йиқилиб кетган.

Оқибатда бола ҳозирда тос суяги синиши ташхиси билан тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда. Жабрланувчи онасининг сўзларига кўра, ўғли ушбу ҳодисадан сўнг 5 кун жонлантириш бўлимида ётган.

Шароити оғирлиги сабаб боласини даволатишга қийналаётган аёл қўшнисидан фарзандининг даволаниш харажатларини ундириш ва қонуний чора кўрилишини истаётганини билдирган.

Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиришини маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Хива шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.