Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида солиқ органлари ходимларининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлиги хизмати.

Хусусан, Қашқадарё вилояти Қарши тумани солиқ инспекциясининг сайёр солиқ текширувлари шуъбаси бош инспектори 5 та маҳаллий МЧЖ фаолияти юзасидан 2024 йилнинг сентябрь ойига қадар камерал солиқ текширувлари ўтказмаслик эвазига 2300 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

дхх, пора олиш, солиқ инспекцияси

У пулни вилоят солиқ бошқармасининг камерал солиқ текширувлари шуъбаси бош инспекторига бериши кераклиги аниқланган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур мансабдор ҳам 2300 долларни олган вақтида қўлга олинган.

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани солиқ инспекцияси катта инспектори «Ҳўжаи жаҳон» савдо комплекси ҳудудида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорни йил охирига қадар айланма солиқ тўловчиси тоифасидан ҳар ойда 2 млн 424 минг сўм тўлайдиган қатъий турдаги солиқ тўловчиси тоифасига ўтказмасликни ваъда қилган.

дхх, пора олиш, солиқ инспекцияси

У келгусида солиқ идоралари томонидан бўладиган текширувлардан ҳимоя этиш ҳамда унинг фаолиятига раҳнамолик қилиш эвазига 8 млн сўм олган вақтида ушланган.

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида эса умумий овқатланиш масканида 6 ой мобайнида солиқ текширувлари ўтказмаслик эвазига 600 доллар олган вақтида мазкур туман солиқ инспекциясининг бош инспектори қўлга олинди.

дхх, пора олиш, солиқ инспекцияси

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида ноқонуний ишга туман солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғининг алоқадор экани аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланган.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги МЧЖ фаолияти бўйича ўтказилган солиқ аудити текшируви натижасида аниқланган 267 млн 300 минг сўм қўшилган қиймат солиғи ва 664 млн 700 минг сўм соф фойда солиғини мансабдор танишлари орқали камайтириб бериш эвазига 5 минг доллар олган вақтида мазкур туман солиқ инспекциясининг камерал назорат шуъбасининг собиқ бошлиғи ҳам қўлга тушди.

дхх, пора олиш, солиқ инспекцияси

Мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори 4 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.