6 июнь куни Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдоған раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ва шерикликнинг барча соҳаларида янада ривожланишга кучли суръат бағишлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Хабарда айтилишича, сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошган. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайган.

Президент матбуот хизматига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда Cengiz Holding, Aksa Energy, Çalık Holding, Akay Inşaat, Anadolu Group, Özgüven, Eczacıbaşı Holding каби етакчи турк компаниялари томонидан 100 дан ортиқ лойиҳа муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Бу галги ташриф доирасида 10 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилди, дейилади хабарда. Бундан ташқари, яқин келажакда икки томонлама савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида саноат кооперациясини кучайтириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва биргаликда учинчи давлатлар бозорларига чиқиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида божхона тарифларини пасайтириш, Истанбул шаҳрида Ўзбекистон савдо ваколатхонасини очиш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон раҳбари қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббиёт кластерларини ташкил этиш соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибаси ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этишга талаб борлигига эътибор қаратди.

«Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши икки мамлакатнинг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, шу жумладан, Ўрта коридор имкониятларидан самарали фойдаланишдир», — дейилади хабарда.

Давлатлар раҳбарлари олий, профессионал ва техник таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, театр фестиваллари, маданият ҳафталикларини ўтказиш, биргаликда тарихий фильмлар суратга олиш ва маданий мерос объектларини реставрация қилиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича фикр алмашди.

Шу ўринда ҳамкорликнинг барча йўналишларини чуқурлаштиришга қаратилган декларация қабул қилинмоқда, Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди. Президентлар бу ишларни олқишлаб, йиғилиш якунлари бўйича ҳукуматларга қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тасдиқлашни топширди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдоғанни кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди.