Ўтган 12 ойнинг ҳар бири кузатувлар тарихидаги энг иссиқлари бўлди, деди Copernicus Европа иқлим хизмати.

2023 йилнинг июнидан 2024 йилнинг майигача бўлган даврда ўртача глобал ҳарорат 1850−1900 йиллардаги саноатдан аввалги даврга нисбатан 1,63 даража юқори бўлган.

Ўтган йилнинг май ойида ўртача глобал ҳарорат 15,91 даражани ташкил этган, бу 1991−2020 йиллардаги кўрсаткичдан 0,65 даражага, 2020 йил май ойида ўрнатилган аввалги максимал ҳароратдан 0,19 даражага юқори.

«Иқлим бизни безовта қилишда давом этмоқда — сўнгги 12 ой ичида аввал ҳеч қачон кузатилмаган рекордлар янгиланди — бу асосан иссиқхона газлари чиқиндилари, шунингдек, Тинч океанининг тропик қисмидаги Эль-Ниньонинг қўшимча импульси ҳисобига юзага келди», — деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бержесс.

«Агар биз иссиқхона газларини атмосферага чиқаришни давом эттиришга қарор қилсак, тез орада 2023/2024 йиллар салқин бўлиб кўрина бошлайди», — дея қўшимча қилди у.

Графика: Copernicus Climate Change Service/ECMWFГрафика: Copernicus Climate Change Service/ECMWF

Copernicus ҳисоботини шарҳлар экан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш дунёда иқлим фалокатининг олдини олиш учун жуда кам имконият қолаётганини таъкидлади. У мамлакатларни иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ва 2030 йилга мўлжалланган мақсадларни қабул қилишга чақирди.

«Иқлим жаҳаннамига олиб борадиган йўлдан чиқишимиз керак. Ва яхши хабар шундаки, рулни ўзимиз бошқаряпмиз», — деди Гутерриш.

Бош котиб, шунингдек, инсониятни динозаврларни йўқ қилган метеоритга қиёслади. «Иқлим билан боғлиқ вазиятда биз динозаврлар эмас, метеоритмиз. Биз нафақат хавф остидамиз, балки ўзимиз ҳам хавфмиз», — деди у.