Жаҳон банки миссиясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон Марказий банки илк бор хорижий давлат қимматли қоғозларига инвестиция киритди, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.

27−31 май кунлари Жаҳон банки Ғазначилиги экспертларининг техник кўмак миссияси бўлиб ўтди. Миссия давомида халқаро захираларни бошқаришда диверсификациянинг аҳамияти, жумладан, хорижий давлатлар қимматли қоғозларни захиралар таркибига киритиш, хатарларни баҳолаш ҳамда Марказий банкнинг тегишли таркибий бўлинмалари иш жараёнини самарали ташкил этиш бўйича махсус тренинглар ўтказилди.

Хусусан, қимматли қоғозларга инвестиция киритишда рискларни бошқариш, савдо ва ҳисоб-китоб амалиётларини ўтказиш, бухгалтерия ҳисоби ва комплаенс-назоратни амалга ошириш масалалари юзасидан малака оширилди.

«Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихида илк бор Марказий банк захираларини диверсификация қилиш мақсадида қимматли қоғозларга бирламчи инвестиция киритиш амалиётлари ўтказилди ҳамда тегишли портфеллар шакллантирилди», — дейилади хабарда.

Миссия якунида Жаҳон банки Ғазначилиги экспертларининг халқаро захираларни бошқариш ва тегишли таркибий бўлинмалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялари олинди ҳамда захиралар таркибига янги молиявий инструментларни киритишни давом эттириш ва Марказий банк ходимлари малакасини оширишга доир келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан келишувга эришилди.