6 июнь куни Анқара шаҳрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдоған раислигида Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон томонидан тадбирда Global Textile, ProCab, Agromir Group, ERIELL Group, Akfa Holding, Murad Buildings, SAG, BMB Holding, Uzbekistan Hydrogen компаниялари иштирок этди.

Туркия томонидан эса Çalık, Cengiz, Acibadem, Eczacıbaşı, Anadolu Group, Aksa Energy, Zorlu, Kalyon, Onur Group каби холдинг компаниялари қатнашди.

Президентлар юзага келадиган барча масалаларни тезкор ҳал этиш ва келгусидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини илгари суриш мақсадида кенгаш йиғилишларини мунтазам ўтказиб туриш зарурлигини қайд этди.

Ўзбекистон раҳбари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб, энг аввало, инвестициявий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтиришни таклиф этди.

Томонлар Ўзбекистон-Туркия саноат кластерини ташкил этиш юзасидан келишувга эришди. Ушбу саноат зонаси икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликнинг локомотивига айланади, дейилади хабарда.

Кенгаш учрашувида кончилик саноатида ҳамкорлик қилиш устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Туркиянинг йирик кон-геология компаниялари билан фойдали қазилмаларни ўрганиш ва қазиб олиш бўйича амалий ишлар бошланган.

Туркия президенти, ўз навбатида, мамлакат Ўзбекистон билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.

Президент матбуот хизматига кўра, у икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, кенгаш иштирокчиларини савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида конструктив мулоқотга чақирди.

Фикр алмашиш давомида турк ишбилармон доиралари вакиллари «Ўзбекистонда олиб борилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар натижасида пайдо бўлган имкониятлар»ни юқори баҳолади, дейилади хабарда. Айтилишича, бу ислоҳотлар Туркия бизнесининг узоқ муддатли режаларини амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Давлат раҳбарлари тадбиркорларга биргаликда ишлашга тайёрлиги учун самимий миннатдорлик билдириб, масъул раҳбарларга ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди.