Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни «Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан, Ёзувчилар уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат марказининг бадиий таржима соҳасида Огаҳий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди.

Мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта қуйидаги йўналишларда ўтказилади:

  • ўзбек адабиётининг насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
  • ўзбек адабиётининг шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
  • ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима;
  • хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
  • хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима;
  • хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима.

Ғолибларнинг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари (ҳозирда 102 млн сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

1 октябрга қадар мукофотнинг расмий веб сайтини яратиш топширилди. Ёзувчилар уюшмаси мукофот кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.