5 июнь куни Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Мусулмонлар идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент Ҳаж зиёратига тайёргарлик жараёнлари, ўзбекистонликлар учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Нуриддин Холиқназар ҳожиларнинг саломи ва дуоларини етказди.

Қайд этилишича, айни пайтда қарийб 12 минг нафар фуқаро Саудия Арабистонида бўлиб турибди. Жами 15 минг 130 нафар фуқаро Ҳаж ибодатига бориши белгиланган. Уларга 300 нафар гуруҳ раҳбари, 50 нафар олий тоифали шифокор, ошпазлар, таржимонлар ва бошқа кўмакчилар ҳамроҳлик қилади.

2024 йилдан бошлаб бир янгилик — Саудия Арабистонида бўлиб турган диний соҳа ходимлари ҳамда қори зиёратчилар томонидан Қуръони каримни хатм қилиш йўлга қўйилди. Ҳозиргача 1 минг 515 та хатм ўқилиб, юртга тинчлик, халққа фаровонлик тилаб дуолар қилинган.

«Бу каби эътибор ва шароитларни арабистонлик мутасаддилар ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистон президентига ҳурмат ва дуоларини изҳор этмоқдалар», — дейилади хабарда.

«Ҳар куни борганларнинг мулоқоти ва таклифларини кўриб, жуда хурсанд бўляпман. Агар биз таҳлил қилсак, Мустақилликнинг биринчи йилида 12 нафар эди, ҳозир 15 мингга яқин фуқароларимиз Ҳажни адо этиб, 30 минг қўл дуо қилади», — деди давлат раҳбари.

«…Энг катта мақсадим, ҳозирги таҳликали замонда маънавиятимиз, маърифатимиз, ўзлигимиз, тинчлигимиз, юртимиздаги шукроналикни ҳар бир зиёратчи келганидан кейин ўзининг кўчасида, маҳалласида янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, тарғиботчи деган бир ибора билан ўзингиз бош бўлиб, ёшларимизга тарбия нуқтаи назаридан янгича ташаббус билан келсанглар ва ташаббусларингизни бутун халқимиз қабул қилса», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари фуқароларни Ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, соғ-омон келишларини тилади. Ўзбекистонга қайтгач, «ҳожилар жамиятдаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига» умид билдирди.