Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Ёнғин техникавий экспертизаси лабораторияси мудири Якубжон Рустемов автотранспорт воситаларидаги газ балонларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тавсиялар берди.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда газ баллонлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Бу мамлакатда автомобиллар сони кўпайиши, фуқаролар эса нисбатан арзон бўлган сиқилган табиий газдан кенг фойдаланиши фонида автотранспорт воситаларида газ баллонларидан фойдаланиш талаб ва тартибларини билмаслик, баъзида эса билиб туриб бепарволик қилиш оқибатида юзага келмоқда.

Табиий газнинг специфик характерини ҳисобга олиб, табиий газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан фойдаланишда бу тўғридаги барча ўрнатилган тартиб қоидаларга амал қилиш зарур бўлади. Автотранспорт воситаларидан фойдаланувчилар баъзи нарсаларга эътиборли бўлиши лозим.

Аввало, сиқилган табиий газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириб юриш ва унинг созлигини таъминлаш автомобилдан хавфсиз фойдаланишнинг асосий гарови ҳисобланади. Автотранспорт воситасининг носозлиги оқибатида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисалари газ баллонларининг портлаши, ёниши каби фожиали холатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда унинг фойдаланиш муддати асосий мезонлардан бири ҳисобланади.

Жумладан, газ баллонларининг фойдаланиш муддати 15 йил ёки 15 000 маротаба газ қуйиш деб белгиланган бўлса-да, аммо уни сақлаш ва ишлатиш шароитидан келиб чиқиб, бу муддат камроқ бўлиши мумкин.

Мисол учун, одатий ҳолатларда ҳар сафар автомобилдаги газ баллони газ билан тўлдирилганда, баллон босимдан кўзга кўринмас ҳолда шишади ва автомобилнинг двигатели ишлаши жараёнида газ баллони жойига қайтади, шу тариқа йиллар давомида баллонга газ қуйишда шишиб, сўнг ўрнига қайтиб, даврийлик цикли ўтиб боради.

Автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллонларининг даврийлик цикли газ баллонга бир йилда неча марта газ қуйиш кераклигини англатади. Бу кўрсаткич ишлаб чиқарувчилар томонидан қайд этилади ҳамда бундан кўпроқ газ қуйиш баллонининг ишлатиш даврининг камайишига олиб келади.

Агар бу баллон заводдан носоз ҳолатда чиққани ёки уни ишлатиш жараёнида баллонга зарар етказиш оқибатида унда микроёриқ пайдо бўлган бўлса, унинг босимга чидамлилиги тушиб кетади ва портлашга олиб келади (норма 20мПа бўлса, дефект ҳисобига чидамлилиги 10мПа бўлиб қолиши мумкин). Ушбу ҳолатлар газ баллонлари юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилиши жараёнида аниқланади.

Техник талабларга кўра, автотранспорт воситаларига ўрнатилган барча баллонлар белгиланган талабларга мувофиқ, жумладан, сиқилган табиий газ баллонлари (метан) 3 йилда 1 марта ҳамда суюлтирилган газ баллонлари (пропан) 2 йилда 1 марта юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилиши керак. Акс ҳолда, бу ҳам бахтсиз ҳодисага сабаб бўлади.

Ўрнатилган қоидаларга асосан, сиқилган табиий газ (СПГ) учун максимал ишчи босими 20 МПа, суюлтирилган нефть гази (СНГ) учун максимал ишчи босим 1,6 МПа этиб белгиланган. Шу сабабли автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллонларини тўлдиришда баллондаги босим ўрнатилган босим меъёридан ошиб кетмаслигини назорат қилиш зарур, босимнинг меъёрдан ортиши газ баллонининг ишдан чиқишига, микроёриқларнинг пайдо бўлишига, оқибатда портлашга олиб келиши мумкин.

Газ баллонлари фақат тегишли билим ва кўникмага эга бўлган мутахассислар томонидангина ўрнатилиши лозим. Газ ускуналарининг ўрнатилишида стандарт хавфсизлик клапанлари бўлиши лозим. Тадқиқотлар давомида арзон ва қўлбола хавфсизлик клапанлари тезда ишдан чиқиши мумкинлиги кўп бора аниқланмоқда.

Автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллонларини эксплуатация жараёнида баллонлар доимий механик ёки кимёвий таъсирга дучор бўлмаслиги, транспорт воситаларида ташиладиган юк таъсирида ёки ҳаракатланиш давомидаги ишқаланиш оқибатида шикастланмаслиги лозим.

Шу билан бир вақтда, баллоннинг ташқи юзасига сув тегиши, вақти-вақти билан сувда қолиши ёки йўл шароитида сув сачраши, музнинг эришига ҳисса қўшадиган туздан фойдаланиш шароитида газ баллонларига уларнинг сачраши, мунтазам ультрабинафша қуёш нурининг тушиши, агрессив кимёвий воситалар (эритувчилар, кислоталар, ўғитлар), автомобиль суюқликлари, шу жумладан, бензин, гидравлик суюқликлар, гликол ва мойларнинг тушиши баллонларга зарарли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли мазкур ҳолатларнинг юзага келишидан ҳайдовчилар эҳтиёт бўлиши зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиқилган табиий газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланиш мақсадида қуйидагилар тавсия этилади:

  • сиқилган табиий газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш ва унинг созлигини таъминлаш;
  • қўлбола ёки синовдан ўтказилмаган газ баллонларидан фойдаланмаслик;
  • сиқилган табиий газ баллонларининг газ узатиш мосламалари соз бўлишини таъминлаш;
  • газ баллонига меъёрдан ортиқ газ қуймаслик;
  • газ баллонларининг ўрнатилишида малакали мутахассис хизматидан фойдаланиш;
  • автомобилга ўрнатилган баллонларнинг металл белбоғлари, кузов ёки бошқа металл билан ишқаланишига йўл қўймаслик;
  • автотранспорт воситаларига ўрнатилган барча баллонлар белгиланган талабларга мувофиқ сиқилган табиий газ баллонлари (метан) 3 йилда 1 марта, суюлтирилган газ баллонлари эса (пропан) 2 йилда 1 марта юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилишини таъминлаш.

Республика суд экспертиза маркази, Ёнғин-техникавий экспертизаси лабораторияси айнан автотранспорт воситаларида газ балонлари билан боғлиқ ёнғинлар келиб чиқиш сабабини аниқлаш билан ҳам шуғулланади.

Лаборатория томонидан ўтказилган кўплаб тадқиқотлар давомида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда ўрнатилган талаб ва қоидаларнинг бузилиши, газ баллони ускуналарининг бириккан жойлари зичлигининг бузилиши, шунингдек, жисмонан ва маънан эскирган газ баллонларидан фойдаланиш, автотранспорт воситасининг ва уларга ўрнатилган газ ускуналарининг техник носозлиги, ўрнатишда талаб ва қоидаларга амал қилмаслик оқибатида автотранспорт воситаларида бахтсиз ҳодисалар келиб чиқаётгани аниқланмоқда.