Сўнгги 1 ойда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар туфайли давлат манфаатларига 67,8 млрд сўмлик зарар етказилди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги.

Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги «Ўзенэргоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда май ойида ўтказилган назорат тадбирларида 971 та ҳолатда истеъмолчиларнинг табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Бунда 39 млрд 332 млн сўмлик электр энергияси (46 млн 264 минг киловатт соат) ва 28 млрд 492 млн сўмлик табиий газ (18 млн 124 минг метр куб) талон-торож қилиниши сабабли давлат манфаатларига жами 67 млрд 825 млн сўмлик зарар етказилган.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Навоий, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди, дейилади хабарда.