Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг таклифига биноан 6 июнь куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Унинг матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф доирасида Анқара шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши ўтказилади.

Саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган, дейилади хабарда.

Томонлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат, «яшил» энергетика, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик дастури доирасида кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратиши кутилмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбарлари фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларини кўриб чиқади, халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашади.

Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия президентлари икки мамлакат етакчи корхоналари ва компаниялари раҳбарлари билан биринчи қўшма учрашувини ўтказади.