3 июнь куни «Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, унинг ўғли, акаси — жами 37 кишига нисбатан очиқ суд жараёни бошланди, жараёнда «Газета.uz» мухбири ҳам иштирок этди.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида ЖИБ Шайхонтоҳур тумани суди раиси Толибжон Обидов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилмоқда. Аввалроқ судланувчиларни номма-ном санаб, улар нимада айбланаётгани ҳақида ёзгандик.

Олий суд ахборот хизматининг маълум қилишича, 36 нафар судланувчига нисбатан қамоққа олиш ва 1 нафарига гаров тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган. Тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши доирасида 46 нафар жабрланувчи ва 70 нафар гувоҳ аниқланган.

3 июнь кунги суд мажлиси соат 12:00 ларда бошланди. Суд бўлаётган зал кичиклиги сабабли ОАВ вакиллари ва судланувчиларнинг яқинлари жараённи иккинчи залда монитор орқали кузатиб борди.

бахти ташкентский, суд

Фото: «Газета.uz»

Икки соат давом этган суд жараёнида дастлаб 37 нафар судланувчининг шахсига аниқлик киритилди. Шундан сўнг адвокатлар ва судланувчиларнинг илтимосномалари тингланди. Қисқа танаффусдан сўнг — соат 15:30 да бошланган суд мажлисида давлат айбловчиси томонидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан эълон қилинган айблов хулосаси ўқиб эшиттирилди.

Хусусан, судланувчи Н.Жуманиязованинг адвокати Абдумалик Абдуллаев ҳимоясидаги аёлнинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, энг кичиги 2 ёшдан сал ўтгани, ҳозирда соғлиғи яхши эмаслиги, оиланинг ягона боқувчиси экани ҳамда судланувчилар орасида фақат бир нафар аёллигини инобатга олиб, Жуманиязовага нисбатан қўлланган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартиришни сўради.

Жуманиязова ҳам суд раисидан уни уй қамоғига ўтказишни илтимос қиларкан, қамоққа олинганидан буён, яъни олти ой давомида на онасини, на фарзандларини кўрганини, унга нисбатан қўл кўтаришлар ҳолатлари бўлганини таъкидлади. Аммо суд адвокат Абдуллаевнинг илтимосномасини кўриб чиқиб, рад этди.

53 ёшли Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида айбланмоқда:

  • 104-модда 3-қисм «г» банди (Уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёки шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш / 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 109-модда 2-қисми (Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш / баъзавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 138-модда 1-қисми (Бировни зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш / БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 165-модда 3-қисми «а», «в» бандлари (Товламачилик / 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 168-модда 4-қисми «а» ва «в» бандлари (Фирибгарлик / БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 228-модда 2-қисми «а», «б» бандлари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш / 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 228-модда 3-қисми (Ҳужжатнинг қалбаки эканини била туриб, ундан фойдаланиш / БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 242-модда 1-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият / 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш / 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 276-модда 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш / 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • 277-модда 2-қисми «б» ва «в» бандлари (Безорилик / 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси).

Аммо Бахтиёр Қудратуллаев ўзига қўйилган айбловларга иқрор эмаслигини билдирди. Уч нафар судланувчи қисман, қолганлари эса айбловларга иқрор эмаслигини таъкидлади.

Суд 5 июнь соат 10:00 га қадар танаффус эълон қилди.