3 июнь куни президентнинг туризм масалаларига бағишланган йиғилишида соҳа тадбиркорлари бир қатор таклифларни илгари сурди.

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, мактаб ва коллеж ўқувчилари автобусда бир вилоятдан бошқасига саёҳат қилишида йўл-патруль хизмати ҳамроҳлиги учун тарифларни кескин камайтириш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлар ҳар йили камида 20 та ўрта бўғин менежерларини хорижда қисқа муддатли малака оширишга юбориш, янги ўқув йилидан туризм соҳасидаги олийгоҳ ва техникумларда дуал таълимни жорий қилишни хоҳламоқда.

Уларнинг айримлари 3−4 қаватли меҳмонхоналарга ҳам субсидия бериш, меҳмонхонаси бўлмаган 22 та туманда кичик отеллар барпо этишга оилавий хоналар сонидан келиб чиқиб субсидия ажратишни сўради.

Президент шуларга асосан халқаро тажриба асосида миллий меҳмонхона брендларини яратиш ташаббусларини ўрганиб, тегишли чораларни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Бундан ташқари, хорижий давлатлардан келадиган пенсия ёшидаги сайёҳларнинг Ўзбекистонда олти ойгача визасиз бўлиши тартибини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга:

  • камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган уч кунлик бизнес тадбирни ташкил қилганларга тадбирдан олинган даромад солиғини 50 фоизга камайтириш, ҚҚСнинг ярмини қайтариш тизимини жорий қилиш;
  • Тошкентдаги Чорсу бозори ва Хивада миллий колоритга эга шарқ бозорини ташкил этиш;
  • болалар оромгоҳларини хусусий шериклик асосида ривожлантириш каби фикрларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилди.

Ўз навбатида, президент соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида туризмни ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилди. «Бу ташаббус учрашувда иштирок этган туризм соҳаси вакиллари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, президент йиғилишда, бундан ташқари, темирйўл ва авиачипталарни сафардан камида олти ой олдин сотувга чиқаришни топширди. Шунингдек, мамлакатга даволаниш учун келадиган хорижликлар сонини ошириш учун «Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» дастури бошланишини эълон қилди.